Жамоа шартномаси ташкилотда ёки якка тартибдаги тадбиркорда меҳнатга оид муносабатларни ва улар билан бевосита боғлиқ бўлган ижтимоий муносабатларни тартибга солувчи ҳужжатдир. У ходимларнинг ўз вакиллари орқали ва иш берувчи томонидан тузилади. Жамоа шартномасининг мазмунини ва тузилишини унинг тарафлари белгилайди. Ҳужжатга иш берувчининг ва ходимларнинг қуйидаги масалалар бўйича ўзаро мажбуриятлари киритилиши мумкин:
– меҳнатга ҳақ тўлаш шакли, тизими ва миқдори, пул мукофотлари, нафақалар, компенсациялар, қўшимча тўловлар;
– нархларнинг ўзгаришидан, инфляция даражасидан, жамоа шартномасида белгиланган кўрсаткичларнинг бажарилишидан келиб чиққан ҳолда меҳнатга ҳақ тўлашни тартибга солиш механизми;
– ходимларнинг бандлиги, уларни қайта тайёрлаш, малакасини ошириш, ишдан бўшатиш шартлари;
– иш вақти ва дам олиш вақтининг, таътилларнинг давомийлиги;
– ходимларнинг, шу жумладан, аёлларнинг, ногиронлиги бўлган ва ўн саккиз ёшга тўлмаган шахсларнинг меҳнат шароитлари ҳамда меҳнат муҳофазасини яхшилаш, экологик хавфсизликни таъминлаш;
– ишни таълим билан қўшиб олиб бораётган ходимлар учун имтиёзлар;
ихтиёрий тиббий ва ижтимоий суғурта;
– жамоа шартномасининг бажарилиши устидан назорат қилиш, тарафларнинг жавобгарлиги, касаба уюшмаси қўмитаси фаолият кўрсатиши учун нормал шароитлар билан таъминлаш.
Д. МАТЯЗОВ,
Боғот тумани юридик хизмат кўрсатиш маркази бош юрисконсульти