“Декрет таътили” қанча муддатга берилади?
Ҳомиладорлик ва туғиш нафақасини тайинлаш ҳамда тўлаш тартибини “Давлат ижтимоий суғуртаси бўйича нафақалар тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисида”ги Низом тартибга солмоқда.
Ҳомиладорлик ва туғиш бўйича меҳнатга лаёқатсизлик варақалари бериш тартибини эса “Меҳнатга лаёқатсизлик варақаларини бериш тартиби тўғрисида”ги йўриқнома тартибга солади.
“Меҳнатга лаёқатсизлик варақаларини бериш тартиби тўғрисида”ги йўриқноманинг 27-бандига кўра, ҳомиладорлик ва туғиш бўйича меҳнатга лаёқатсизлик варақаси ҳомиладорликнинг 30-ҳафтасидан бошлаб ҳудудий амбулатор-поликлиникалар, акушер-гинеколог (умумий амалиёт шифокори) томонидан бош шифокор ўринбосари билан биргаликда бир йўла 126 календарь кунига берилади ва давлат ижтимоий суғуртаси бўйича нафақа тўланади.
Туғиш қийин кечган ёки икки ва ундан ортиқ бола туғилган ҳолларда ҳомиладорлик ва туғиш таътилини узайтириш учун туғруқ муассасаси томонидан яна 14 календарь кунига меҳнатга лаёқатсизлик варақаси берилади.
Ҳомиладорлик ва туғиш таътили жамланган ҳолда ҳисоблаб чиқилиб, туғишга қадар амалда бундай таътилнинг неча кунидан фойдаланилганидан қатъи назар аёлга тўлиқ берилади.
Умид ХУДОЙНАЗАРОВ,
Боғот тумани адлия бўлими юридик хизмат кўрсатиш маркази бош юрисконсульти