Вояга етмаганлар ва ногиронлиги бўлган шахслар учун иш вақти қандай бўлиши лозим?
Вояга етмаганлар учун ҳам камайтирмасдан иш вақтининг қисқартирилган давомийлиги белгиланиши лозим. Уларга иш вақтининг давомийлиги ўн олтидан ўн саккиз ёшгача бўлган ходимлар учун ҳафтасига 36 соатдан ошмайдиган, ўн бешдан ўн олти ёшгача бўлган шахслар учун эса ҳафтасига 24 соатдан ошмайдиган қилиб белгиланади. Ушбу ёшдаги вояга етмаганлар учун иш вақти камайтирилгани билан меҳнатга тўланадиган ҳақини камайтириш мумкин эмас. Бу эса уларнинг меҳнат ҳуқуқлари кафолати ҳисобланади.
Ўқиш пайти бўш вақтида ишлаётган вояга етмаганларга эса иш вақти бундан яна 2 баравар кам бўлиши лозим. Чунки, иш боланинг ўқиш учун имкониятларини чеклаб қўймаслиги лозим.
I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган ходимлар учун эса иш вақтининг давомийлиги ҳафтасига 36 соатдан ошмайдиган қилиб белгиланади.
Шунингдек, иш вақтининг қисқартирилган давомийлиги ноқулай меҳнат шароитларидаги ишларда банд бўлган ходимларга, иши юқори даражадаги руҳий, ақлий, асабий зўриқиш билан боғлиқ бўлган тиббиёт ходимларига, педагогларга ва бошқа тоифадаги ходимларга ҳамда уч ёшгача бўлган боланинг бюджетдан молиялаштириладиган ташкилотларда ишлайдиган ота-онасидан бирига (васийсига) нисбатан қўлланилиши мумкин.
А.Қобулов,
Боғот тумани юридик хизмат кўрсатиш маркази бош юрисконсульти